Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ). Тохир Хабилов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ) - Тохир Хабилов страница 58
– Бошқа иш топишим керак, – дедилар. – Суроб ака кимни ишдан бўшатгиси келса, шу бўлимга ўтқизяпти.
1969 йилги аразимда Суроб ака аризамга анчага довур имзо чекмадилар. Кўп насиҳатлар қилдилар. “Қаерга ўтмоқчисиз?” деганларида “Аспирантурага” деб юборибман. Аслида мўлжалимда борарга аниқ жой йўқ, аспирантура эса хомхаёл эди. Ниҳоят, аризамга “Аспирантурага кираётгани учун ўз хоҳиши билан вазифасидан бўшатилсин”, деб ёзиб бердилар. Меҳнат дафтарчамга ҳам шу ёзув тушган.
Кейин ҳам аразлаб ишдан бўшаш ҳоллари юз берган. Мен ўша ҳолатларни тез-тез эслаб ўзимча муҳокама қиламан ва ўзимни ўзим айб-лайман. Мен гўё ҳақиқат талаб қилиб аразлагандай эдим. Аслида бундай қилмаслигим керак эди. Арзирли масала бўлса курашишим лозим эди. Мен иродасизлигимни доимо тан олиб юраман. Шундай экан, аразларимда гуноҳ мавжуд бўлса керак, деб тавба қиламан. Айниқса, “Ленин учқуни”дан бўшашим ношукурлик эди. Улар мени ишга қабул қилишди, ишонч билдиришди, ўргатишди, юқори лавозимни ҳам беришди. Тайёрлаган саҳифамнинг қисқартирилиши фожиа эмасди, бунақа инсофсизликни аввал ҳам кўргандим, кейин янада кўп кўрдим. Мақоласи қисқарган журналистдан узр сўраб қўйиш билан ҳал бўладиган осонгина масала эди, ўзим мураккаблаштирдим.
Республика радиосининг адабий-драматик таҳририятида бўш ўринбор, деб эшитиб, тоғамдан ёрдам сўрадим. Ўлмас Умарбеков бош муҳаррир эдилар, лекин тоғам у кишига учрашмадилар, қўнғироқ ҳам қилмадилар, балки оддий муҳаррир бўлиб ишлайдиган Баҳодир Абдуллаевга уч-тўрт жумладан иборат хат ёзиб бердилар. Баҳодир акани китоблари орқали танир эдим. Ҳикоялар тўпламига тоғам оқ йўл ёзган эдилар. Хатни олиб, Баҳодир акага учрашдим. У киши сатрларга кўз ташладилар-у, “юр”, деб мени Ўлмас аканинг хоналарига бошлаб кирдилар. “Мирза акамнинг жиянлари экан”, деб таништириб, изларига қайтдилар. Ўлмас акани ҳам асарлари орқали билардим. Ўзларини уюшманинг мажлисларида узоқдан кўрган эдим. Машҳур ёзувчининг рўпарасида ўтиришдан ўнғайсизландим. Ўлмас ака очиқ чеҳрали эдилар. Аввал тоғамнинг соғликларини сўрадилар. Кейин адабиёт ҳақида суҳбат бошладилар.
Матбуотда уч-тўрт йил ишлаган, беш-ўн ҳикоя эълон қилган бўлсам-да, Ўлмас акадай адиб олдида мен ҳали ҳеч ким эмасдим.