Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ). Тохир Хабилов

Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ) - Тохир Хабилов страница 61

Жанр:
Серия:
Издательство:
Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ) - Тохир Хабилов

Скачать книгу

кириб келган бир қатор ёзувчилар орасида бу назариядан узилиб чиқиб кета олмаганлар ҳам бўлди. Ўлмас ака бу назариянинг касаллигини ўзларига юқтирмаганликларининг боиси: у киши анъанавийликдан, яъни кўп киши босиб ўтган йўлдан юришни ёқтирмай, ўзларининг сўқмоқларини очишга ҳаракат қилар эдилар. Ўша “Ширинсой оқшомлари” дейсизми ёки “Бобоёнғоқ”ми, “Ҳаёт қўшиғи”ми… барчасида услубий янгиликка интилиш мавжуд эди.

      Ўлмас Умарбековни замонавий ўзбек детектив адабиётининг асосчиларидан бири, деб аташ ҳам ўринли. Ўлмас аканинг Қўқон шаҳри театри саҳнасида қўйилган биринчи саҳна асарлари – “Суд”, сўнг эса “Ёз ёмғири” қиссалари замонавий детектив тарзида ёзилган асарларнинг дастлабкиларидан бири эди. Бу ҳам ёзувчининг фақат янгиликка интилиб ижод қилганига бир далил бўла олади.

      “Ўзбекфильм”ни бошқарган пайтларида ўзбек киносига миллий руҳ беришга анча уриндилар. Ёзувчиларни ўзбек тилида сценарий ёзишга жалб этиш мақсадида махсус “сценарий студияси” ташкил этдилар. Ёзувчиларга махсус маош ҳам тайин қилдилар. Аммо ёзувчилар бу рағбатга бефарқ қараганлари сабабли, студия ижобий самара, ижодий мева деярли бермади. Ўзбек киноси билан хориж киноси усталарининг биргаликдаги ҳамкорлигида ҳам Ўлмас аканинг ҳиссалари бор. Ҳиндистон киночилари билан биргаликда ишланган “Алибобо ва қирқ қароқчи”, Югославия киночилари билан ҳамкорлик шулар жумласига киради.

      Ёзувчилар уюшмасида ишлаганларида ҳам устоз ёзувчиларнинг маҳорат мактабларини очишга уриндилар Лекин у пайтдаги бақироқ замон кўп яхши ишларнинг амалга ошувига тўсқинлик қилди.

      Дунёда тасодифлар кўп бўлади. Шулардан бири – Ўлмас ака 1934 йилда, улуғ шоир, аллома, сиёсий арбоб, дипломат, ўзбек театрининг асосчиси Абдулла Авлоний вафот этган йили туғилганлар. Миробод маҳалласида Абдулла Авлоний асос солган мактабда ўқиганлар. Худди устоз каби ўзбек адабиёти, хусусан драматургиясига хизмат қилдилар.

      Ўлмас аканинг болаликлари оғир уруш йилларига, ночорлик ва адолатсизлик авжга чиққан замонларга тўғри келган. Бир бурда нонга муҳтожлик, айрилиқлар, мотамлар… буларнинг барчасини кўрдилар.

      “Фотима ва Зуҳра”ни ўқиётганимда бир неча ерда “нонқовурдоқ” (нонпалов) деб аталмиш таом тилга олинганига эътиборни қаратиб, Ўлмас ака билан учрашганимда “нонпалов”ни яхши кўрар экансиз-да, а?” – деб ҳазил оҳангида сўрадим. “Йўқ, – дедилар у киши, жиддий тарзда, – уруш пайтида онам раҳматли шу таомни кўп пиширардилар. Камбағалнинг тўйимли таоми эди-да, бу. Ҳозир бу аҳволга тушганимда қарасам, “қора кунимга яраб қолар”, деб бойлик тўплаб қўймаган эканман. Ўша таомни кўп эслаяпман…”

      Чиндан ҳам Ўлмас ака бойликка ружу қўймаган эдилар. У кишининг бойликлари – оилалари, уйдаги китоблари-ю, ёзув столлари, қоғоз-қаламлари эди. Уйда ортиқча ҳашам, безак йўқ. Аҳли аёлларининг билакларида тилла билакузукни биров кўрмаган. Ҳолбуки, Ўлмас ака катта бойлик тўплаш имконига эга ерларда ишлаган эдилар…

Скачать книгу