Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ). Тохир Хабилов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ) - Тохир Хабилов страница 56
– Эртага икковимизга икки литр сульфат кислотаси топишимиз керак, – дедим, кўришиш маросими тугагач.
– Нега? – деди дўстим. Ғашланиб ўтиргани учун ҳазилимни тушунмади.
– Аканинг ўпишидан кейин бетимизни совунлаб ювсак ҳам тоза бўлмайди, кислотада ювишимиз керак, – дедим.
Дўстим қовоғини очмади, таомдан бир-икки чимдим еган бўлди. Менга ғилвинди ёқмади, унинг ёғи томоғимни ғиппа бўғди. Янга болаларни олиб, ён томондаги тор хонага ўтдилар. Дўстим ғазабини соча бошлаганда, тўхтатдим. Эртага кўчиш режалаштирилган экан, пешинга яқин келишга ваъда бериб, изимизга қайтдик.
– Бекорга оғзимга урдингиз, – деди дўстим, – мастлиги учун сўкиб, болаларини бу аҳволда қўйиб юргани учун калтаклашимиз керак эди.
– Фойдаси йўқ. “Бобурнома”да битта майхўр: “Эй муҳтасиб, мастман, бугун мендан қўлингни торт, қачонки ҳушёр топсанг, ўша куни текшир”, –деган экан. Шу аҳволда келганлари яхши бўлди, мен ажойиб тахаллус топиб қўйдим: “Ғилвинди!” – қалай?
Бу тахаллусни Машраб аканинг яқинларигина билади, барчага ёйма-ганмиз. Агар ширакайф ҳолда кўрсак, “яна ичибдилар-да” эмас, “ғилвиндихўрлик зўр бўлибди-да”, дердик.
Ўша йиллари ёзганларимни Машраб акага ҳам ўқитиб, маслаҳат олардим. Асарни жиддий равишда синчиклаб ўқиб, таҳлил қилиб, камчиликларни кўрсатардилар. Машраб аканинг муҳаррирлик санъатларигақойил қолардим. Гап фақат таҳрирда эмас. Қўлёзма кимники бўлса бўлсин, холис ёндашардилар. Шу асарни яхшиланишига ҳисса қўшгилари келиб турарди. Бир куни қўлёзмамни ўқиб, суҳбатга чақирдилар. Бордим. “Хотинингиз билан келмадингизми ишқилиб”, деб кулдилар. Бу ҳазилнинг тагида гап бор эди. Бир дўстимизнинг қўлёзмасини ўқиб, фикр билдириш учун уйларига борибдилар. Машраб аканинг танқидий гапларини эшитиб, ижодкор ўрнига унинг хотини гап талашиб кетибди. “Иккинчи марта хотинлар олдида фикр айтмайман”, деб кулган эдилар. Ке-йинчалик ўша дўстимиз “янги қисса ёзган эдим, Машраб акадан илтимос қилсам, вақти йўқ эмиш”, деб ранжиганнамо гапирди. Мен тушундим. Машраб ака “вақт сарф қилиб ўқийсан, ўйлайсан, холис фикр билдирасан. Фикрингни малол оладиган одамга гапиришдан нима фойда?” деган эдилар. Ижодкор халқи ҳам турлича бўлади-да. Сен унга жон куйдириб фикр билдирасан, у эса ранжиб, ҳатто “Сен мени кўра олмайсан!” деб даъво ҳам қилиб қўяди. Машраб акамиз ҳаётлари давомида бунақаларни кўп кўрдилар.
Бир куни хоккей бўйича жаҳон биринчилигида СССР билан Чехословакия терма командалари ўйнади. Эртасига кўришганимизда: “Кўрдингизми?” – дедилар. “Ҳа, чехлар ютгани чатоқ бўлди,” – дедим. “Сиз ким учун жон куйдирдингиз?” – дедилар. Мен дарров тушундим. Совет танклари Чехословакия пойтахтини босиб ўтгани ҳали унутилганича йўқ эди. Чехословакия билан бизнинг тақдиримизни мустамлака сиёсати бирлаштириб турарди. “Юринг, чех дўстларимизнинг байрамини нишонлайлик, ғалабамизни ювайлик”, – дедилар. Иккита пиводан бошланган